Самарқанд вилояти Иштихон тумани
Мактабгача таълим бўлими
w w w . p a s t d a r g o m m t b . u z

Аҳолини рўйхатга олиш нима учун керак ?

Мамлакат аҳолисининг аниқ сони, ёши, жинси, фуқаролиги, миллий таркиби, оилавий аҳволи, касби, бандлиги, даромад манбаи ва бошқа жиҳатлар бўйича батафсил маълумот тўплашнинг энг самарали усули аҳолини рўйхатга олишни сифатли ташкил этишга бевосита боғлиқ. Бу жаҳон тажрибасида синалган усул. Шу боис Ўзбекистонда ҳам 2023 йил мустақиллик йилларидаги илк аҳолини рўйхатдан ўтказиш тадбири ташкил этилади. Бу тадбирга ҳозирдан жиддий тайёргарлик кўрилмоқда.

Хўш, аҳолини рўйхатга олиш бизга нима беради?

Шу ўринда айтиш лозимки, биринчи навбатда, республика аҳолиси ва унинг турмуш шароити тўғрисидаги ишончли маълумотлар айнан аҳолини рўйхатга олиш орқали шакллантирилади. Масалан, Сурхондарёда неча киши ишсиз? Қанча оила уй-жойга муҳтож? Яна нечта таълим муассасаси қуриш лозим? Аҳоли хонадонлари асосан қайси йилларда қурилган? Аслида қанча киши шаҳарда, қанчаси қишлоқларда яшайди ва ҳоказо. Аҳолини рўйхатга олиш амалиёти шу каби кўплаб саволларга жавоб, муаммоларга эчим топиш имконини яратиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Маълумки, кўпчилик аҳолини рўйхатга олиш амалиётини статистик маълумотлар тўплаш тадбирларининг бир кўриниши, деб билади. Аммо бу шунчаки статистика эмас, балки мамлакат аҳолисининг маълум бир вақтдаги асл ҳолатини кўриш имкониятини берадиган йирик миқёсдаги тадбир ҳисобланади. Давлат даражасидаги кенг кўламли, кўп вақт ва маблағ талаб этадиган ушбу тадбирни ўтказиш учун халқаро талабларга мувофиқ 2-3 йил тайёргарлик кўриш талаб этилади. Бу амалиёт мустақиллик йилларида республикамизда биринчи марта ўтказилаётганини инобатга олиб, уни ташкил этишга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида 2020 йил 11 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олиш 2023 йил 1-25 ноябрь кунлари амалга оширилади.

Аҳолини рўйхатга олиш уч босқичдан иборат бўлиб, белгиланган амалиётга киришилгунга қадар 2020-2023 йилларни ўз ичига олувчи тайёргарлик жараёнлари олиб борилади. Қарор билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида 2021 йилда синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш дастурига кўра, 2021 йилнинг 1-25 ноябрь кунлари юртимизнинг бир қатор ҳудудларида синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш ишлари амалга оширилади. Бунда аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш жараёнлари, рўйхатга олиш усуллари, дастури, саволномалари, услубий қўлланма ҳамда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари амалий синовдан ўтказилади. Натижалар асосида аниқланадиган хато ва камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилади.

Тайёргарлик босқичи аниқ ва сифатли якунига этказилгач, 2023 йилнинг ноябрь ойида аҳолини рўйхатга олиш бошланади. Қарор билан белгиланган шахсга доир маълумотларни йиғиш тартибига кўра, рўйхатга олиш ишлари икки хил усулда – қоғоз шакли ҳамда интернет тармоғи орқали амалга оширилади.

Биринчи усулда рўйхатга олувчи ходимлар уйма-уй юриб, сўров ўтказади ва саволлардан иборат варақани респондентларнинг сўзлари асосида тўлдиради. Сўровномалар асосий демографик кўрсаткичлар, аҳолининг механик ҳаракати, миграцияси, миллий хусусиятлари, фуқаролиги, таълим даражаси, уй хўжалиги аъзоларининг иқтисодий ҳолати, болалар сонига оид саволлардан иборат бўлади. Яшаб турган хонадонида рўйхатдан ўтишни истамаган респондентлар учун рўйхатга олиш сўровномаларини тўлдириш уларнинг ўзлари яшаб турган маҳаллаларда ташкил этиладиган инструкторлик участкаларида амалга оширилади. Респондентлар томонидан тақдим этилган шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги ва уларнинг мазмуни ошкор этилмаслиги рўйхатга олувчи томонидан кафолатланади.

Иккинчи усулда респондентларга қулайлик яратиш мақсадида интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали рўйхатдан ўтиш имконияти яратилади. Бунда сўровномалар аҳолининг ўзи томонидан махсус дастур орқали тўлдирилиб, белгиланган электрон манзилга жўнатилади.

Айни пайтда туманимизда ҳам ҳудуднинг аҳолиси ва унинг турмуш даражаси ҳақидаги аниқ, ишончли маълумотлар яратадиган мазкур тадбирга пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Бу ишлар Ватанимизда аҳоли сони, таркиби ва тақсимланиши бўйича тўлиқ базани шакллантириш баробарида Миллий ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқиш, уларда фойдаланиладиган демографик ўзгаришлар тенденциялари, меҳнат ресурслари жойлашуви ҳамда илмий тадқиқотлар олиб боришда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

 


Киритилган вақти: 27/08/2021 08:23;   Кўрилганлиги: 41
 
Материал манзили: http://ishtixonmtb.uz/news/aholini-royxatga-olish-nima-uchun-kerak
Чоп этилган вақт: 22/09/2021 19:55