Самарқанд вилояти Иштихон тумани
Мактабгача таълим бўлими
w w w . p a s t d a r g o m m t b . u z

АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ ТАДБИРИГА ТАЙЁРГАРЛИК ЖАРАЁНИ БОШЛАНГАН

2019 йил 5 феврал куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-5655-сон Фармони қабул қилинди. Фармонда Давлат статистика қўмитаси ва тегишли вазирлик идоралар олдига Мустақил Ўзбекистоннинг илк аҳолини рўйхатга олиш тўғрисидаги қонунини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган эди.Қонун лойиҳаси Давлат статистика қўмитаси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар ходимлари томонидан МДҲ ва бошқа кўплаб хорижий мамлакатлар тажрибаларини ўрганган ҳолда ишлаб чиқилди ва 2020 йилнинг март ойида қабул қилинди. 

Нафақат юртимизда балки бутун жаҳонда пандемия натижасида ҳукум сураётган иқтисодий мураккаб вазиятда муҳтарам Президентимиз томонидан 1989 йилдан буён кечиктириб келинаётган аҳолини рўйхатга олиш ишларини ўтказишга қарор қилинди ва бу ишга тайёргарлик ишлари бутун мамлакатимизда бошлаб юборилди.

Хусусан 2020 йилнинг 11 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисидаги  710-сонли қарори қабул қилинди.
Қарорда белгиланишича, Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш 2023 йил 1-25 ноябрь кунлари ўтказилиши белгиланган. Ўзбекистон Республикасида аҳолини синов тариқасида рўйхатга олиш 2021 йил 1-25 ноябрь кунлари Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани, Хоразм вилоятининг Хива шаҳри ҳамда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида амалга оширилиши белгиланди. Қарорга биноан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича ҳудудий комиссиялар зиммасига 2021 йилда (синов тариқасида) ва 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирлар белгиланган муддатларда ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш вазифаси юклатилди. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2021 йил 1мартга қадар (синов тариқасида) ва 2022 йил 1 июнга қадар (асосий) аҳолини рўйхатга олиш учун зарур бўлган миқдорда картографик материаллар (шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг схематик режалари ва хариталари) билан таъминланади. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги 2021 йил 1 апрелга қадар аҳоли пунктлари ва кўчалар ном белгиларини ўрнатиш, хонадон ва уйларни тўлиқ рақамлаш ишларини якунига етказилишини ва 2023 йилда аҳолини рўйхатга олиш даврига қадар мунтазам равишда янгилаб борилишини таъминлайди. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда ушбу қарорнинг мақсад ва вазифалари оммавий ахборот воситалари ва Бутун Жаҳон интернет ахборот тармоғида кенг ёритилишини таъминлаши белгиланган.

 

Туман статистика бўлими.


Киритилган вақти: 03/07/2021 14:19;   Кўрилганлиги: 48
 
Материал манзили: http://ishtixonmtb.uz/news/aholini-royxatga-olish-tadbiriga-tayyorgarlik-jarayoni-boshlangan
Чоп этилган вақт: 01/08/2021 16:36